Матиз ҳикоялари туркумидан. 10-ҳикоя. Онажон

Matiz

“Матиз”да юриш – бу хайдовчидан ибратомуз ҳикоя ёки кечинма эшитишга деярли тўлиқ кафолатдир. “Матиз ҳикоялари туркуми”нинг кундалик ҳаёти шундан иборатдир...

 Уйдан ишхонамгача пиёда бориш ўртача 72 дақиқа вақт олади ва мен кўпинча шу йўлни маъқул кўраман. Агар “Матиз”да бориладиган бўлса, кун вақти ва хайдовчининг юриш маҳоратига боғлиқ тарзда 12 дақиқадан 20 дақиқача вақт кетади. Шу вақт ичида ҳикоя эшитиш мумкинми? Албатта, ҳа. Бу ориққина, бамаъни ва бироз ғамгин хайдовчи билан суҳбат шу қадар бўлдики, шаҳар такси хайдовчиларига хос бўлмаган тарзда, у йўл четида қўл кўтарган йўловчиларга эътибор бериш у ёқда турсин, уйим олдига келиб, йўл ҳақини олгандан сўнг ҳам гапиришдан тўхтатмади…

Ҳаммаси “Театральная” чорраҳасида олдимизга орқа қисми анчагина букланган “Лада” автомашинаси туриб қолганини кўрганимиздан бошланди..

– Менинг “Матиз”имнинг ҳам мана шундай эзилган жойи бор эди, — деб бошлади такси хайдовчиси.  Навбатдаги мижозим билан Сирғали бозор тарфга ўтганимда, бамперлар қаерда сотилиши ва унинг таъмирини қаерда қилишлари, унинг нарх-наволари билан танишишга қарор қилдим. У ерда таъмирланган эски бамперлар учун 85 000 сўм сўрашди. Менинг -бамперимни таъмирлаш учун эса 15 000 сўм кифоя экан. «Қандай қилиб таъмирлайсиз?» – деб сўрасам, «Термо ишлов бериш» билан», – деб жавоб беришди. Ўша куни таъмирлашни ортга суриб, кейинроқ кирарман, деб ўйладим. Чорраҳада турсам, ҳудди меникидек машина тўғримга келиб тўхтади. Ойнасини тушириб, хайдовчиси менга сўз қотди: «Бамперингни тузатмайсанми?»,  «Қандай қилиб?» – дея сўрадим. У эса «уни ечиб олиб, устидан бир челак қайноқ сув қуй – бампер юмшаб қолади, осонгина тўғрилайсан», – дея маслаҳат берди.

Кечқурун уйга қатгандан сўнг шундай йўл тутдим: Бамперни ечиб, устидан бир челак қайноқ сув қуйдим, қўлимга сочиқ ўраб, эҳтиёткорлик билан уни тўғриладим. Хатто, бўёғи ҳам ўчмади.
– Сирғалидаги «Термо ишлов бериш» шунақа экан-да, – деб кулдим ушбу ҳикояга.

Шу орада Муқимий кўчасининг бошланишида чап тарафдан чап фараси синган бизни бошқа бир «Матиз» қувиб ўтди.
– Бу орқа чап фаралар ҳикояси ҳам жуда ғалати, — дейди хайдовчи менга у шоввозни кўрсатиб. – Мениям мошинамни орқадан уриб олишди. Усталарга олиб борсам, уларда чап фара йўқ, фақат ўнг фаралар қолган экан. “Нега ундай?” – дея қизиқсиниб сўрасам, у таниш уста  “ҳар куни 10-15 киши чап фара сўраб келади, шунча чап фарани қаердан оламан?”,- дея жавоб берди. Кейинроқ бошқа жойдан қидириб топдим: янгиси 65 000 сўм турар экан, Хитойникига  эса 35 000 сўм  сўрашди. Таъмирлашга ҳеч пул етказа олмайман. Мен бу машинани, қолиб кетиш шарти билан, уч йилга ижарага олганман, ҳар ой 300 доллардан бераман, боз устига бензин қуйиш керак, оила боқиш… Икки йили ўтди, мана кўпи кетиб, ози қолди.

– Қандай, ишлаб топса бўлаяптими?
– Ҳа, бўлаяпти. Албатта, роса кечгача ишламайман. Лекин ҳозир тўйлар мавсуми, кеч соат 9-10 ларда ҳам мижозлар топиш мумкин.
– Ҳа, кечалари юриш ҳам хавфсиз бўлмаса керак, – дея суҳбатни давом эттирдим. – Мен ҳижобдаги соқолли “аёллар” тўғрисида шунақа ҳикоя айтиб беришганки…
– Бир танишим ҳудди шунақа воқеа иштирокчиси бўлган экан. Фақат у ўз йўловчиларини Зангиотадан Кўкчага олиб келган экан. Сўнгида хайдовчи уларни мелисага ташлаб кетибди. Шу мелисаларни биз доим сўкаверамиз-ку, лекин уларнинг борлигиям яхши. Тасаввур қилинг, шу ДАН ходимларисиз йўлларимизда нималар бўлиб кетмаган бўлар эди! Машиналар тўлиб кетган, кўчаларда телбаларча ҳаракатланишади. Мана, масалан, “Чилонзор” метроси олдидаги бозорчадан  ёнида пиёдалар ўтадиган жойдаги бир воқега қаранг. 5-6та пиёда йўлни кесиб ўтаяпти, барча ҳайдовчилар жим кутиб ўтирибди, ўтказиб юборишаяпти. Шунда бир ўпкасини қўлтиқлаган «Lacetti» хайдовчиси ўқдек учиб келиб, пиёдалар ўтиш йўлида устида тормоз босиб зўрға тўхтади; бир аёлни уриб юборишига озгина қолди. Кечирим сўраса ҳам майли эди! Машинадан сакраб тушиб, ўзини шер билиб, қўлини силкитиб у аёлга қараб сўкина кетди. Аёлнинг турмуш ўртоғи ортидан келаётган экан, секин у хайдовчига яқинлашди-ю, қулочкашлаб бир урди – “қаҳрамон” асфальтга ўтириб қолди. Бир ёши ўтганроқ оқсоқол у эшакнинг тепасига келиб: «Зўравонга ундан зўри чиқади», деди.

– Лекин мен кўчада хавфсиз эмаслиги учунгина уйга эрта қайтмайман, — давом эттирди хайдовчи. Ойим доим “Ўғлим, қаердасан?” – дея қўнғироқ қиладилар. Уларнинг ёши 83 да. Ўзимнинг болаларим катта бўлишиб қолган. Набираларим ҳам бор, ойим учун бўлса, ҳалиям боламан. Отам 80 ёшида оламдан ўтганлар, уларнинг ўлимидан сўнг ойимнинг кўнгиллари нозик бўлиб қолган. Мана, қанча йил ўтган бўлса-да, отам тушимга киради: гўёки улар тириклардек. “Отам тирик бўлсалар, нега биз билан эмас экан-а”?, — деб ўйлайман тушимда. Уларни кўраман: ўша туриш, уларнинг юришлари… Бироқ овозларини эшитмайман… Уйғониб кетиб, тушимда ҳам улар билан гаплаша олмаслигимдан хорлигим келади. Шу сабабли, уйга эртароқ келиб, ойимнинг суҳбатини олишга, кунни қандай ўтказганлигини сўрашга ҳаракат қиламан, ўзим нималар қилганимни айтиб бераман.

Бу вақтга келиб, биз уйим ёнида ики дақиқадан кўпроқ тўхтаб турар эдик.
— Онангизнинг дуоларини олинг, — дедим. – Уларга номимдан соғлик-саломатлик тилаб қўйинг. Илоё, уларнинг умрлари узоқ, ризқлари улуғ бўлсин, набираларни уйлаб, турмушга берсинлар. Ахир шу ёшга кириб онангизнинг сизнинг ёнингизда бўлиши ва уларнинг дуоларини олиб юришингизни ўзи жуда катта бахт.
— Албатта саломингизни етказаман, – дея секин жавоб берди такси хайдовчиси ва “Матиз” секингина қўзғалди.

Даставвал бу ҳикояни “Бир челак қайноқ сув”, — дея номламоқчи эдим. Ҳеч қанақа “қайноқ сув”нинг кераги йўқ… Она… Бу сўздан қимматлироқ сўз бормикин дунёда.
Онажон…

Таржимон: Масъуд Маҳсудов

Рус тилида: http://nasimov.uz/2010/10/0074-matiznaya-istoriya-10-mama/
Матизные истории: http://nasimov.uz/?cat=6

Матиз ҳикоялари туркумидан. 10-ҳикоя. Онажон: 1 комментарий

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *